Ўзбекистонда барча турдаги товарларга экспорт божлари ва экспортни лицензиялаш бекор қилинди

Дата: 16:30, 19-12-2017.

Тошкент. 19 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда қонунчиликда кўзда тутилган ўзига хос товарлардан ташқари барча турдаги товарларга экспорт божлари ва экспортни лицензиялаш бекор қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Экспортни рағбатлантириш ва маҳаллий товарларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан кўзда тутилган.

Ўз маҳсулотларини экспорт қилувчи барча мулкчилик шаклидаги корхоналарга хорижда савдо уйлари ва ваколатхоналарини ташқи бозорларни маркетинг тадқиқот қилиш ҳамда ўз маҳсулотларини реклама қилиш учун очиш, консигнация шартларида товарларини етказиб беришга рухсат берилди.

Бундан ташқари, ҳужжат билан экспорти президент ва ҳукумат қарорлари орқали рухсат этиладиган буюм ва маҳсулотлар рўйхати тасдиқланди.

Унга чорва моллари, парранда, гўшт, буғдой, ўсимлик мойлари, шакар, тери хом-ашёси, пилла, руда ва вольфрам концентратлари, рангли металллар ва бошқалар, ноёб қадимий буюмлар киради.

Шунингдек, Ўзбекистонга олиб кириш таъқиқланган буюмлар рўйхати ҳам тасдиқланди. Буларга давлат ва жамият асосларини бузувчи босма, кино-, видео- ва аудио маҳсулотлар, уруш, терроризм, зўравонлик, диний кўролмаслик, расизмни (антисемитизм, фашизм) тарғиб қилувчи материаллар, шунингдек, порнографик материаллар киради.

Сурат манбаи: фото из открытых источников

Янгилик билан ўртоқлашиш: