Ўзбекистонда "Баркамол авлод" болалар мактаблари ташкил этилади

Дата: 14:44, 02-10-2019.

Тошкент. 2 октябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда "Баркамол авлод" болалар мактаблари юзага келади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Халқ таълими вазирлиги (ХТВ) маълумотларига кўра, президент "Халқ таълими тизимида мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.

"Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистонда ХТВ ҳузуридаги Республика болалар техник ижодиёти, бадиий ижодиёт, ўлкашунослик ва экология марказлари негизида "Баркамол авлод" Республика болалар мактаби ташкил этилмоқда. Шунингдек, туман (шаҳар) "Баркамол авлод" болалар марказлари, Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги "Баркамол авлод" болалар марказлари негизида "Баркамол авлод" болалар мактаблари ташкил этилмоқда", - дейилади хабарда.

Таъкидланганидек, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 2020-2023 йилларда болалар туризмини тизимли ривожлантириш мақсадида "Баркамол авлод" болалар мактабларида 100-200 ўринли болалар туристик базалари ташкил этилади.

Бундан ташқари, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб "Баркамол авлод" болалар мактабларида "STEAM-таълим" дастури жорий этилади.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил январдан бошлаб "Баркамол авлод" болалар мактаблари ходимларининг базавий тариф ставкалари: директорлар ва директор ўринбосарларига 1,55 баробар, тўгараклар раҳбарларида 1,5 баробар оширилади. Шунингдек, инструктор-методист ва методистларга меҳнатига ҳақ тўлаш базавий тариф ставкаларидан келиб чиқиб, уларнинг базавий тариф ставкалари миқдорини тўгараклар раҳбарларининг базавий тариф ставкалари миқдорига тенглаштиради.

Сурат манбаи: uzedu.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: