Ўзбекистонда бензин нархининг кескин кўтарилиши Қозоғистондан ЁММ кириб келишининг ўсишига олиб келмайди – ҚР Энергетика вазирлиги

Дата: 16:38, 24-10-2016.

Тошкент. 24 октябр. ЎзТАГ – ҚР Энергетика вазирлигида қўшни давлатда бензин нархининг кескин кўтарилиши Қозоғистондан Ўзбекистонга ёнилғи мойлаш маҳсулотлари (ЁММ) контрабандаси ҳажмининг ўсишига ва мамлакатда бензин нархи кўтарилишига олиб келмайди деб ҳисоблашади. Бу ҳақда Қозоқ телеграф агентлиги (КазТАГ) хабар қилмоқда.

“Бунинг эҳтимоли кам деб ўйлайман. Чунки Ўзбекистон билан чегарадаги режим Россия Федерация билан чегарадагидан анча фарқ қилади. Шу сабабли ЁММ чиқиб кетиши кўпаяди деб ҳисобламайман”, - деди ҚР Энергетика вазирлиги матбуот котиби Аскар Жалдинов душанба куни КазТАГ агентлигига берган изоҳида.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда “олдин ҳам нархлар қозоғистондагидан анча фарқ қилган”.

“Ўзбекистонда дизель ёқилғиси ҳеч қачон очиқ савдода бўлмаган ва давлат томонидан талонлар орқали тақсимланган. Шу сабабли ҳам агар имкон бўлганда дизель ёқилғиси ўз вақтида Ўзбекистонга чиқиб кетган бўлар эди”, - деди ҚР ЭВ матбуот котиби.

“Амалиёт кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон ичидаги нархлар билан боғлиқ вазият Қозоғистонга ҳеч қандай таъсир қилмайди”, - деб таъкидлади А.Жалдинов.

Олдинроқ Ўзбек телеграф агентлиги “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компаниясига асосланган ҳолда Ўзбекистонда бензиннинг чакана нархлари сезиларли даражада ошгани ҳақида хабар қилган эди. Маълумотга кўра, 2016 йилнинг 23 октябридан бошлаб Аи-80 русумли автобензин 1 литри 2 800 сўм, Аи-91, Аи-92 ва Аи-93 русумли автобензинлар 1 литри 3 000 сўм, Аи-95 русумли автобензиннинг 1 литри эса 3 300 сўмдан сотилмоқда.

Аниқлаштирилишича, ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал почтаси орқали, шунингдек “Ўзбекнефтегаз” компаниясига, Республикамизнинг раҳбар, назорат ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари номига келиб тушган мурожаатларида автобензин таъминотида бўлаётган узилишлар, шу жумладан, баъзи автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида автобензиннинг устама нарх билан сотилаётганлиги, автобензин олиш учун узундан-узоқ навбатда туришга тўғри келаётганлиги, Тошкент шаҳридаги аксарият АЁҚШларда Аи-80 русумли автобензиннинг 2 075 сўм, вилоятларда эса асосан тижорат нархида, яъни 3 000 сўмдан сотилаётганлиги, автобензиннинг айрим нопок кимсалар томонидан Тошкент шаҳридаги АЁҚШлардан турли йўллар билан олиб бориб, бошқа вилоятлар аҳолисига 3 000 сўмдан 5 000 сўмгача бўлган чайқов нархида сотилаётганли сабабли қабул қилинган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: