Ўзбекистонда бензин нархлари кескин кўтарилди
Тошкент. 15 ноябр. ЎзТАГ – 15 ноябрдан Ўзбекистонда бензин нархлари ёнилғи туридан келиб чиқиб 35,7%дан 72,6%гача кескин кўтарилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Хусусан, Аи-80 русумли бензиннинг нархи бир литри учун 2,8 минг сўмдан 3,8 минг сўмгача (+35,7%), Аи-91 бензини 3 минг сўмдан 4,3 минг сўмгача (+43,3%), дизель ёнилғиси нархи 4,1 минг сўмгача (+72,6%) ва ЭКО дизель ёнилғиси 4,2 минг сўмгача (+71%) ошди.
Янги нархлар ҳукуматнинг “Ёнилғи-энергетика ресурсларини ўз вақтида таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган. Унда айтилишича, европа сифати ва стандартига мос бўлган Аи-92 ва шу каби бошқа турдаги юқориоктанли бензин, дизель ёнилғиси импорт қилинади ёки импорт қилинган хом-ашёдан тайёрланиб, автоёнилғи шахобчалари орқали эркин тижорат нархларида сотилади. Ушбу АЁҚШ рўйхати Ўзбекистон ҳукумати томонидан тасдиқланади.
Sputnik Узбекистан мухбирининг “Ўзбекнефтегаз” компаниясидаги манбага асосланиб хабар беришича, ушбу қарор ёнилғи тақчиллиги ва бозордан ноқонуний савдогарларни олиб ташлаш мақсадида қабул қилинган.
Эслатиб ўтамизки, 2016 йилда Ўзбекистонда бензин нархлари икки марта: йил бошида 45 сўмга ва октябрда туридан келиб чиқиб 30% оширилган эди. Ўшанда ҳукумат ўз қарорини бозордан чайқовчиларни йўқотиш истаги билан асослаган эди.