Ўзбекистонда бензин нархлари сезиларли даражада оширилди
Тошкент. 24 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда бензин нархлари сезиларли даражада оширилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ҳурматли ватандошлар! “Ўзбекнефтегаз” Миллий холдинг компанияси сўнгги вақтда мамлакатимиз аҳолисининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал почтаси орқали, шунингдек компаниямиз, Республикамизнинг раҳбар, назорат ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари номига келиб тушган мурожаатларида автобензин таъминотида бўлаётган узилишлар, шу жумладан, баъзи автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида автобензиннинг устама нарх билан сотилаётганлиги, автобензин олиш учун узундан-узоқ навбатда туришга тўғри келаётганлиги, Тошкент шаҳридаги аксарият АЁҚШларда Аи-80 русумли автобензиннинг 2 075 сўм, вилоятларда эса асосан тижорат нархида, яъни 3 000 сўмдан сотилаётганлиги, автобензиннинг айрим нопок кимсалар томонидан Тошкент шаҳридаги АЁҚШлардан турли йўллар билан олиб бориб, бошқа вилоятлар аҳолисига 3 000 сўмдан 5 000 сўмгача бўлган чайқов нархида сотилаётганлиги ҳақидаги ўринли эътирозларини инобатга олиб ҳамда бундан буён мазкур қонунга ҳилоф ҳолатларга узил-кесил барҳам бериш мақсадида 2016 йил 23 октябрдан барча турдаги автобензин чакана нархлари Республика бўйича бир хил этиб белгиланди:
- Аи-80 русумли автобензин 1 литри 2 800 сўм;
- Аи-91, Аи-92 ва Аи-93 русумли автобензинлар 1 литри 3 000 сўм;
- Аи-95 русумли автобензиннинг 1 литри 3 300 сўм”, - дейилади “Ўзбекнефтегаз” МХК сайтида 22 октябрда эълон қилинган хабарда.
Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” МХК мутасаддилари фуқаролардан автобензин нархига устама қўйиб сотилаётганлиги ёхуд бошқа нохуш ҳолатлар ҳақида “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси, “Ўздавнефтгазинспекция”нинг вилоят бошқармалари, жойлардаги тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва нефть базаларнинг ишонч телефонларига хабар қилишни сўраган.