Ўзбекистонда беш турдаги янги кириш визалари таъсис этилди
Тошкент. 9 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда хорижий фуқароларнинг айрим гуруҳлари учун беш турдаги янги кириш визалари таъсис этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“5 январда Ўзбекистон президенти томонидан муддатлари ва мамлакатда бўлиш мақсадларидан келиб чиқиб фарқланувчи янги турдаги кириш визаларни жорий этиш ҳақида қарор қабул қилинди. Бу, ўз навбатида, мамлакатнинг янги очиқ сиёсатидан дарак беради. Хусусан, Ўзбекистонга ташриф буюрадиган хорижий фуқароларнинг айрим гуруҳлари учун қўшимча (электрон бўлмаган) кириш визалари тоифаларини бериш белгиланган”, - дейилади Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматининг хабарида.
Қайд этилишича, янги кириш визалари турларига Vatandosh (асли ўзбекистонлик бўлган кишилар ва уларнинг оила аъзолари учун икки йиллик виза), Student visa (Ўзбекистонда жойлашган таълим муассасаларида таҳсил олаётган чет эллик талабаларга бериладиган бир йиллик виза), Academic visa (Ўзбекистонда илмий-тадқиқот ва таълим фаолиятини олиб бориш истагида бўлган чет элликлар учун 3 ойдан 2 йилгача муддатга виза), Medical visa (Ўзбекистонга даволаш-профилактика муассасалари таклифига асосан ташриф буюрувчи хорижий мамлакатлар фуқаролари учун 3 ойгача муддатга бериладиган виза), Piligrim visa (зиёрат визаси бўлиб, ушбу виза чет эллик фуқароларга Ўзбекистоннинг маданий-тарихий ва диний-маънавий мероси ва анъаналарини ўрганиш учун 2 ойгача бўлган муддатга берилади) кабилар кирди.
Маълум қилинишича, янги визаларнинг жорий этилиши мамлакатга турли мақсадларда ташриф буюришга бўлган фарқланувчи талаб, шунингдек, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий ва диний-маънавий меъроси, меҳмондўстлик анъаналари билан боғлиқ.
Сурат манбаи: http://nsn.fm