Ўзбекистонда беш ёшгача болалар орасида ўлим ҳолатларининг 57% бола ҳаётининг биринчи 28 кунида содир бўлади – ЮНИСЕФ

Дата: 11:31, 09-11-2018.

Тошкент. 9 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда беш ёшгача болалар орасида ўлим ҳолатларининг 57% бола ҳаётининг биринчи 28 кунида содир бўлади, дея баёнот берди ЮНИСЕФ, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Олий Мажлис қонунчилик палатаси, давлат ва нодавлат ташкилотлари, халқаро эхпертлар ва Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан келган соғлиқни сақлаш тизими мутахассислари янги туғилган чақалоқларнинг олдини олиш мумкин бўлган ўлимини камайтириш ва уларни парвариш қилиш сифатини яхшилаш бўйича Миллий маслаҳатлашувларда қатнашдилар.

“Ўзбекистонда, 5 ёшгача бўлган болалар ўлимининг олдини олишда сезиларли муваффақиятга эришилган бўлсада, расмий маълумотларга кўра, 5 ёшга тўлмасдан вафот этган болалар ўлимининг 57%и неонатал даврда (дастлабки 28 кун ичида) содир бўлмоқда”, - дейилади фонд ваколатхонасининг сайтида эълон қилинган хабарда.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари янги туғилган чақалоқлар саломатлиги ҳолати борасида Ўзбекистондаги вазиятни таҳлил қилишди. Улар неонатал парваришни яхшилаш йўлларини муҳокама қилишди ва янги туғилган чақалоқларнинг олдини олиш мумкин бўлган ўлимига чек қўйиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишди.

Қайд этилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарлари ва бошқа мутахассислар янги туғилган чақалоқлар учун камсарф ва сифатли тиббиёт хизматларини таъминлайдиган, тадбиқ этиш мумкин бўлган эчимларни топишга ва шу йўсинда Ўзбекистонда чақалоқлар ҳаётига ўзгартириш киритишга келишдилар.

Эслатиб ўтамиз, БМТнинг яқинда эълон қилинган болалар ўлими ҳақидаги глобал ҳисоботига кўра, дунё миқёсида болаларнинг тирик қолишида сезиларли муваффақиятга эришилди. Ҳозирда, 1990 йилга нисбатан миллионлаб болалар тирик қолиш учун яхшироқ имкониятларга эга. Бироқ, ҳисоботда айтилишича, сўнгги йигирма йил мобайнидаги ушбу ютуққа қарамай, фақатгина 2017 йилнинг ўзида 5,4 млн болалар беш ёшга тўлмасдан нобуд бўлди. Улардан 2,5 миллиони бир ойдан кўп яшамайди.

Сурат манбаи: https://jam-news.net

Янгилик билан ўртоқлашиш: