Ўзбекистонда бешинчи сиёсий партия рўйхатга олинди

Дата: 13:15, 25-01-2019.

Тошкент. 25 январ. ЎзТАГ – Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Экологик партияси давлат рўйхатидан ўтказилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Партия ихтиёрий равишда умумий қарашлар, қизиқиш ва мақсадларга эга, мамлакатимиз барқарор тараққиёти ва экологик хавфсизлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга интилаётган, атроф-муҳит ва фуқаролар саломатлиги муҳофазаси, табиий ресурслардан унумли фойдаланиш ва уларни асраш билан боғлиқ фаолиятда масъулият билан иштирок этаётган мамлакат фуқароларини бирлаштиради”, - дейилади адлия вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.

Қайд этилишича, янги партиянинг асосий мақсадлари барқарор ривожланишга, экологик хавфсизликка эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун табиий ресурсларни сақлаш ва қулай атроф муҳитни яратишга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни таъминлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларни сақлаш давлат, жамият ва мамлакат ҳар бир фуқаросининг вазифаси бўлишига эришишга кўмаклашишдан иборат.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Экологик партияси 2019 йил 8 январда таъсис съездида ташкил этилган эди.

Ўзбекистонда тўрт сиёсий партия расмий рўйхатга олинган. Булар Ўзбекистон либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеп), “Миллий тикланиш” Демократик партияси, “Адолат” Ўзбекистон социал-демократик партияси ва Ўзбекистон Халқ-демократик партияларидир (ЎХДП).

Сурат манбаи: http://www.minjust.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: