Ўзбекистонда биноларни бузишнинг янги тартиби тасдиқланди

Дата: 15:36, 06-08-2019.

Тошкент. 6 август. ЎзТАГ – Ўзбекистонда биноларни бузишнинг янги тартиби тасдиқланди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Президентнинг "Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулкий ҳуқуқлари кафолатларини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармойиши қабул қилинди (Р-5491, 03.08.2019 й.). Фармонга мувофиқ, 2019 йил 5 августдан бошлаб фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ер участкаларини олиб қўйиш ва кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш ишлари 3 босқичда амалга оширилади: бузиш режалаштирилган ҳудудлар бўйича материаллар тўплами ҳокимлар томонидан Вазирлар Маҳкамасига киритилади, Вазирлар Маҳкамасида шаҳарсозлик талаблари ва молиявий ҳисоб-китобларга мувофиқ хулосалар тайёрланмоқда, хулоса бош вазирга кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун киритилади", - дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида

Шунингдек, фармойишда республика мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи ва ҳудудий ишчи гуруҳларининг ер участкаларини олиб қўйиш вақтида фуқароларга ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарар миқдорини хатловдан ўтказиш бўйича таркиби, инвентаризация қилишда ёрдам бериш учун ҳудудларга бириктирилган масъул шахслар рўйхати, инвентаризация қилишда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ва уларни қоплаш бўйича "йўл харитаси" тасдиқланди.

"Инвентаризация қилиш ишчи гуруҳига фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарни инвентаризация қилиш, уларнинг реал ва адолатли ҳажмини аниқлаш, бозор нархига қараб, қонун ҳужжатларига мувофиқ, агар мансабдор шахснинг нотўғри қарор қабул қилиниши натижасида зарар етказилган бўлса, зарарни қоплашнинг аниқ манбаларини белгилаш топширилди – ушбу мансабдор шахслардан регресс тартибида ундириб олиш, айбдор мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш ва қонунчилик нормаларини янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган", – дейилади хабарда.

Сурат манбаи: uz24.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: