Ўзбекистонда бир гуруҳ милиционерлар мукофотланди
Тошкент. 25 октябр. ЎзТАГ – Куни кеча Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев имзолаган фармонга мувофиқ, ички ишлар идоралари ходимларининг бири гуруҳи касб байрами муносабати билан мукофотланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Хужжатда таъкидланишича, милиционерлар “Мамлакатда жамоат хавфсизлиги, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, хизмат бурчини бажариш ва миллий манфаатларимизни ҳимоя қилишда мардлик ва жасорат кўрсатгани ҳамда ёш авлодни она-Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга қўшган муносиб ҳиссаси учун” мукофотланган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги алоҳида вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Валерий Тажибаев “Меҳнат шуҳрати” ордени билан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бош бошқармаси бошқарма бошлиғининг ўринбосари Бахтиёр Ражапов ва Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бошқармаси бўлим бошлиғи Лочинбек Яхшиликов II даражали «Шон-шараф» ордени билан мукофотланди.
Шунингдек, ИИВ 4 ходими “Дўстлик” ордени билан, 7 ходими “Мардлик” ордени билан, 7 ходими “Жасорат” медали билан, 12 ходими “Содиқ хизматлари учун” ва 8 ходими “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.