Ўзбекистонда биринчи чоракда импорт ўрнини босишдан олинган самара $345 млндан ошди

Дата: 16:17, 04-05-2016.

Тошкент. 4 май. ЎзТАГ – 2016 йилнинг биринчи уч ойида Ўзбекистонда биринчи чоракда импорт ўрнини босишдан олинган самара $345 млндан ошди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Жорий йилнинг биринчи чорагида 2015-2019-йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини амалга ошириш доирасида 534 лойиҳа бўйича қиймати 981,3 млрд сўмлик ёки 2015-йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баробар кўп маҳсулот ишлаб чиқарилди”, - деб таъкидлашди Иқтисодиёт вазирлигида.

Йил бошидан буён маҳаллийлаштирилган 37 турдаги янги маҳсулот, жумладан, нефть-газ-кимё ускуналари ва конвейер ускуналарининг эҳтиёт қисмлари, арматура, автомобиллар спидометри, спорт тренажёрлари, болалар велосипед ва самокатлари, электр сув иситиш мосламалари ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Бундан ташқари, автомобил бензини, аммоний сулфати, натрий нитрати, сеялкалар, марказдан қочирма насослар, цемент клинкерлари, шакар, арпа ёрмаси, гилам ва гилам буюмлари, трикотаж кийимлар, провитамин ва витаминлар, дори-дармон ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўпайди. Хусусан, йил бошидан буён тайёр тикувчилик-трикотаж буюмларининг 18 янги тури ва 24 модели, 38 турдаги қандолат, консерваланган мева-сабзавот ва гўшт-сут маҳсулотлари, 26 номдаги дори препаратлари ва бошқа истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

$1=2904,68 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: