Ўзбекистонда биринчи инновацион автомактаб очилди

Дата: 11:13, 18-09-2015.

Тошкент. 18 сентябр. ЎзТАГ – Тошкентда компьютер симуляторларидан фойдаланиладиган Avtotest биринчи инновацион автомактаби очилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Йўлдаги қийин вазиятни англаб, ЙТҲ олиб келмайдиган тўғри қарорни қабул қилишда ҳайдовчига вазиятни моделлаштириб берувчи махсус симуляторлар ёрдам беради”, - деди автомактаб очилишида унинг директори Камилхўжа Маҳамадхўжаев.

Унинг сўзларига кўра, мактаб ноу-хауси ўқув жараёнининг ўзи бўлиб, унда қоғоздан умуман фойдаланилмайди.

276 соатлик ўқув дастурига автодромдаги амалий машғулотлари, тиббий ёрдам кўрсатиш, автомобиллар тузилишини ўрганиш кабилар кирган. 2015 йил охиригача бу ерда 300 киши ўқиши режалаштирилмоқда.

“Барча ўқув автомобиллари ҳаракат датчиклари ва GPS навигаторлар, видеокузатув камералари билан жиҳозланган, бу эса талабалар олган билимларни максимал даражада объектив баҳолашга имкон беради”, - деди К.Маҳамадхўжаев.

2015-2016 йилларда Avtotest Ўзбекистон ва пойтахтда яна 10 филиал очишни режалаштирмоқда.

Расмий статистикага кўра, жорий йилнинг январ-июнида Ўзбекистонда 1,5 млн ЙҲҚ бузилиши қайд этилган. Улардан деярли 500 мингши қўпол қоида бузилишларидир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: