Ўзбекистонда биринчи халқаро геотуристик форум бўлиб ўтади

Дата: 15:36, 12-07-2019.

Тошкент. 12 июль. ЎзТАГ – Ўзбекистонда биринчи халқаро геотуристик форум бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"1 августдан 3 августга қадар Қашқадарё вилоятида биринчи халқаро геотуристик форум бўлиб ўтади. (...) Форум иштирокчиларининг диққат марказида Китоб давлат геология қўриқхонаси объектларини кўргазмали ўрганиш бўлади", - дейилади Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, 1979 йилда ташкил этилган Китоб қўриқхонаси Ўзбекистоннинг ноёб табиатни муҳофаза қилиш зоналаридан биридир.

"Халқаро тадқиқотлар томонидан тақдим этилган илмий маълумотларни ўрганиш натижаларига кўра, геологик қўриқхонаси дунёдаги ягона Эмс яруси қуйи стандарти, дунё океанидан ерда пайдо бўлган илк ёдгорликлардан бири ҳисобланади. Илмий жиҳатдан тасдиқланган мазкур фактларни ҳисобга олган ҳолда форум ташкилотчилари томонидан янги туристик брендни тарғиб қилиш бўйича махсус: “Ҳаёт бошланиши. Ўзбекистон” дастури ишлаб чиқариш таклиф этилган.

Форум доирасида иштирокчилар Шаҳрисабз шаҳрига ташриф буюриши, шаҳарнинг асосий диққатга сазовор жойлари билан танишиши кутилмоқда. Иккинчи куни Китоб давлат геологик қўриқхонасига саёҳат, Китоб қўриқхонасидан 3 км. масофада Зинзилбанда жойлашган Эмс ярусига экскурсия қилинади. Экология давлат қўмитаси мутахассисларининг илмий тақдимотлари бўлиб ўтадиган илмий-тадқиқот анжуманлари ташкил этилади. Форум доирасида шунингдек, Китоб кенглик станциясига ҳам ташриф буюриш режалаштирилган.

Сурат манбаи: uzbektourism.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: