Ўзбекистонда биринчи ландшафтли комплекс буюртмахонаси ташкил этиш режалаштирилмоқда

Дата: 19:26, 25-07-2016.

Тошкент. 25 июл. ЎзТАГ – Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ ва Қўнғирот туманлари ҳудудида “Сайғоқли” ландшафтли комплекс буюртмахонаси ташкил қилинади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Сайғоқли” буюртмахонаси базасида ташкил этилаётган давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасасига доимий фойдаланиш учун бешта участкадан иборат 628,3 минг гектар ер майдонини ажратиш режалаштирилган. Мазкур участкалар сайғоқлар ва бошқа ноёб жониворлар яшаши учун табиий шароитларга энг мос жойлар сифатида танлаб олинди”, - деб таъкидлашди Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида.

Бу ерда сайғоқлар кўпаядиган ҳудуд жойлашган бўлиб, яхшигина яйлов ҳамда сув ичиш жойлари мавжуд. Хўжалик ва бошқа фаолиятларнинг салбий таъсирини камайтириш мақсадида ландшафтли буюртмахона ҳудудида 219,8 минг гектар майдондаги қўриқланадиган ҳудуд ташкил этиш кўзда тутилган. Қўриқланадиган ҳудуддаги жисмоний ва юридик шахсларга тегишли ер участкалари олиб қўйилмаслиги бегиланган.

Комплекс буюртмахона фаолияти Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва рационал фойдаланиш инспекциясининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

Комплекс буюртмахонанинг ташкил этилиши сайғоқлар ва бошқа ноёб жониворлар ҳамда ўсимликлар популяциясининг кўпайишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: