Ўзбекистонда биринчи марта қандли диабет билан хасталанган беморга буйрак кўчириб ўтказилди

Дата: 10:35, 09-03-2018.

Тошкент. 9 март. ЎзТАГ – Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида мамлакат тиббиёти тарихида биринчи марта яқин қариндош-донордан жигар бўлагини кўчириб ўтказиш бўйича операция амалга оширилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ҳозирда ушбу фаолият Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 октябрдаги “Яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан тартибга солинмоқда.

Куни кеча марказда ўтказилган навбатдаги буйрак трансплантацияси амалиёти ўзининг мураккаблиги ва шифокорлардан ниҳоятда катта масъулият талаб қилиши билан ажралиб турди. Гап шундаги, Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманилик Бекберган Қўчқоров буйрак етишмовчилиги билан бирга, қандли диабет хасталигидан ҳам азият чекаётган эди.

“Буйрак трансплантациясини ўтказишнинг ўзи масъулиятли юмуш. Агар беморда қандли диабет касаллиги ва ўткир буйрак етишмовчилиги бир йўла учраса, бу амалиёт янада мураккаблашади, - деб таъкидлайди Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази қон-томир жарроҳлиги ва буйрак трансплантацияси бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фазлиддин Баҳриддинов.

Беморга унинг 46 ёшли укаси Шимберген Қўчқоров донорлигида буйрак кўчириб ўтказилди. Бемор ва донорнинг аҳволи жуда яхши. Уларнинг ҳар иккаласи ҳозир шифокорлар назоратида. Барча кўрсатмаларига тўла риоя этилса, бемор тез орада оёққа туриб, соғлом ҳаётга қайтади.

“Ёшим 55 да. 10 йилдан бери қанд касаллигидан азият чекаман. Бу хасталик буйракларимга ҳам зарар етказди. Охирги бир ярим йил мобайнида гемодиализ муолажалари билан ҳаёт кечирдим. Аммо аҳволим оғирлашиб бораверди. Ростини айтсам, ҳаётдан умидимни узган пайтларим ҳам бўлди. Бугун эса ўзимни дунёга қайта келгандек ҳис этмоқдаман. Тиббиётимизда инсон аъзолари трансплантацияси билан боғлиқ операциялар йўлга қўйилгани мен ва мен каби яна ўнлаб беморларга ана шундай янги ҳаёт бахш этди. Шифокорларнинг қўллари дард кўрмасин”, - дейди Бекберган Қўчқоров.

Ҳозирда олимлар ва шифокорлар трансплантация амалиётларини янада такомиллаштириш, беморларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, юрак трансплантациясини йўлга қўйишга тараддуд кўрмоқдалар.

Сурат манбаи: https://www.gazeta.uz/ru/2018/03/07/transplantation/

Янгилик билан ўртоқлашиш: