Ўзбекистонда биринчи президентга ёдгорлик яратиш бўйича конкурс ғолиби аниқланди
Тошкент. 26 апрел. ЎзТАГ – Таниқли ҳайкалтарош Илҳом Жабборов Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ҳайкали лойиҳасини яратиш бўйича Халқаро бадиий танловнинг ғолиби бўлди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залида танлов иштирокчи ва ғолибларига дипломлар ҳамда сертификатлар топшириш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур танловнинг барча иштирокчи ҳамда ғолибларини самимий қутлаб, ҳайкалтарошлар олдида улкан вазифалар турганини айтиб ўтди. У барча ҳайкалтарошларни келгусида Ш.Рашидов, А.Орипов, О.Шарафиддинов, С.Аҳмад ва С.Зуннунова, М.Юсуф ҳайкалларини яратиш бўйича танловларда фаол қатнашишга чақирди.
Иккинчи ўрин ёш ҳайкалтарош Жасванд Анназаровга, учинчи ўрин эса Тўлаган Тожихўжаевга насиб этди. Барча ғолибларга пул мукофотлари топширилди. Шунингдек, рағбатлантирувчи совғалар эгалари ҳам пул билан мукофотландилар. Бу мукофотларга Тўлаган Ёрқулов, Фарит Ахметзянов, шунингдек, жанубий кореялик ҳайкалтарошлар Канг Чул Хи, Ли Чонг Ан ва Чунг Юнг Сулар лойиқ кўрилди.