Ўзбекистонда биринчи "туристик қишлоқ"ни ташкил этиш лойиҳаси ишга туширишга старт берилди
Тошкент. 21 июнь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда биринчи "туристик қишлоқ"ни ташкил этиш лойиҳаси ишга туширишга старт берилди, дея хабар беради Ўзбекистон телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"18 июнь куни Тошкент вилояти Паркент тумани Қумушкон маҳалла қўмитаси (МФЙ) ҳудудида Ўзбекистонда биринчи "туристик қишлоқ" ташкил этиш лойиҳаси ишга туширилди”, - дейилади туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарида.
Лойиҳага кўра, ушбу ҳудудда 50 меҳмон уйи, 20 хонадон негизида этномаданий мажмуа, 20 хонадонли миллий ошхоналар мажмуаси, 15 хонадонли ҳунармандлар уйи, 10 хонадонли рассомлар уйи ва агротуризм учун 20 хонали комплекс ташкил этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, лойиҳада меҳмонхона, кутубхонаси, ёшлар ижодиёти маркази, спорт ва кўнгилочар майдонлар, ўтов лагерлари, 7 курорт зонаси, сайёҳлик ахборот марказлари, ҳунармандчилик эсдалик совғлари дўконлари, санитария-гигиена марказлари, сайёҳларга тиббий хизмат кўрсатиш шохобчаси, сунъий сув ҳавзалари ва бошқа обектлар қурилиши кўзда тутилган.
Вилоят ҳокими Рустам Холматовнинг сўзларига кўра, олиб борилаётган ишлар натижасида вилоятнинг 450 нафар фуқароси иш билан таъминланади, сайёҳлар сони йилига 250 минг кишига етказилади (хорижий сайёҳлар 60 минг нафарга), туристларга хизмат кўрсатиш ҳажми 50 млрд сўмга етказилади, шунингдек, бюджетга қўшимча равишда йилига 3 млрд сўмгача солиқ тўланади.
Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Абдулазиз Аққулов ҳудудни сайёҳлар билан таъминлаш ва ҳудуддаги туризмнинг барча йўналишларини ривожлантириш бўйича "йўл харитаси" ишлаб чиқилишини таъкидлади.
"Шу билан бирга, биз ҳудудлар бўйлаб экскурсия йўналишларини ташкил қилишимиз керак. Шунингдек, ушбу ҳудудларда селфи зоналарини яратиш тавсия этилади. Агар ахборот тарқатиш тизими тўғри йўлга қўйилса, Кумушконга келаётган сайёҳларнинг ўзлари бу масканни тарғиб қиладилар", - дейди А. Аққулов.
Сурат манбаи: uzbektourism.uz