Ўзбекистонда биринчи япон меҳмонхонаси қурилади

Дата: 16:59, 31-10-2019.

Тошкент. 31 октябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда биринчи япон меҳмонхонаси қурилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тошкент шаҳар ҳокимлиги (маъмурият бошлиғи) маълумотларига кўра, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Япониянинг HIS Hotel Holdings компанияси Бош минтақавий менежери Маъруф Умаров билан янги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома имзолади.

"Шартномага кўра, Абдулла Қодирий номидаги истироҳат боғида ўзбек миллий меъморчилиги услубида ташқи кўринишдаги 140 хонали замонавий беш қаватли меҳмонхона қурилади, интерьер эса қуёшчиқар юрт меъморчилиги услубида яратилади", - дейилади Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати видеорепортажида.

Меҳмонхона Ўзбекистонда биринчи япон меҳмонхонаси бўлади. Лойиҳа 13 млн долларга баҳоланди.

"300 меҳмонга хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган меҳмонхонанинг ишга туширилиши 73 та янги иш ўрнини яратади. Меҳмонхона қурилиши 2020 йилнинг январь ойида бошланади ва 2022 йилда фойдаланишга топширилади", – дея қайд этилади хабарда.

Таъкидлаш жоизки, Япония компанияси бугунги кунда роботлар билан хизмат кўрсатишга ихтисослашган бир нечта меҳмонхонани ишга туширган.

Сурат манбаи: tashkent.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: