Ўзбекистонда бирламчи энергия истеъмолининг деярли ярми коммунал тармоқ ва аҳолига тўғри келади – БМТТД ва ИТМ

Дата: 16:24, 26-09-2014.

Тошкент. 26 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда бирламчи энергия истеъмолининг 49,2% коммунал тармоқ ва аҳолига тўғри келади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Бирламчи энергия умумий истеъмолининг 49,2% бугунда коммунал тармоқ ва аҳолига, 35% энерготизим ва саноатга, 9% транспортга, 6% қишлоқ хўжалигига, 0,8% қурилишга тўғри келади”, - дейилади БМТТД ва Иқтисодий тадқиқотлар марказининг (ИТМ) “Модернизация, ислоҳот ва ўзгаришларни тезлаштиришга кўмак” лойиҳаси (SMART) доирасида тайёрланган таҳлилий маърузада.

Маъруза муаллифлари ушбу вазиятни ўнглаш учун бутун республика бўйлаб энергосамарадор бинолар қуришни таклиф қилмоқдалар.

ИТМдан хабар қилишларича, республикада энергия истеъмоли ривожланган мамлакатлардаги муқобил кўрсаткичлардан юқори. Ҳозирги пайтда мамлакат энергия истеъмолининг иккидан бир қисми ёки 24,5 млн тонна нефт эквивалентига (т.н.э.) тенги биноларни иситиш ва иссиқ сув билан таъминлашга сарф этилмоқда. 2030 йилда энергия истеъмоли 150 млн т.н.э.га етиши мумкин (ҳозир 49 млн т.н.э.)

Лойиҳага кўра, Ўзбекистонда энергиясамарадор биноларнинг жорий этилиши 2030 йилга бориб йилига 8,6 млн т.н.э. миқдорида энергияни тежаб қолиши мумкин. Биноларни “яшиллаштиришдан” келадиган қўшимча фойдалар $2,1 млрдни ташкил этиши, 2020 йилга бориб тармоқ ичида 15 минг ва ёндош тармоқларда 55 минг иш ўрнини яратишга имкон беради.

Материал, ускуналарни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва кенгайтириш, ёндош тармоқларнинг ривожланиши ҳисобига олинадиган қўшимча фойдалар йилига $820,5 млнни ташкил қилиши мумкин. Ўз навбатида, коммунал хизматлар, иситиш ва электроэнергияга сарфланадиган ҳаражатлар 25-30%, атмосферага зарарли газлар чиқариш CO2-эквивалентида 30% камайиши мумкин.

БМТТД ва ИТМ мутахассислар фикрига кўра, бугунда энергия йўқотишларининг 58% иситиш ва вентиляция тизимларига, 31% энергия ишлаб чиқаришда, 11% иссиқ сув етказиб бериш тизимига тўғри келади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: