Ўзбекистонда биржадан ташқари савдо ташкилотчилари мижозни рўйхатга олиш муддатларини қисқартириши ва уни сўров бажарилгани ҳақида хабадор қилиши шарт қилиб қўйилди
Тошкент. 1 апрель. ЎзТАГ – Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси қошидаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази бош директори қарори билан биржадан ташқари бозорда қимматли қоғозлар олди-сотдисини ташкил этиш ҳақидаги низомга ўзгартишлар киритилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Унга мувофиқ, биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси эндиликда мижозлар томонидан тақдим этилаётган ариза шакллари, хужжатлар рўйхати, битимлар натижалари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби, шакл ва муддатларини ваколатли орган билан келишиши шарт эмас.
Шунингдек, биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси тўғри тўлдирилган мижоз аризаси олингандан кейин 1 иш куни ичида уни рўйхатга олиши ва тартиб рақами бериши керак. Илгари ушбу муддат 5 иш куни эди.
Бундан ташқари, ариза қондирилган ҳолда биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси биржадан ташқари савдолар ҳисоб регистридан битим рўйхатга олингани ҳақидаги кўчирмани мижозга 1 иш кунида почта ёки факсимиль алоқа ёхуд электрон манзилга жўнатади. Илгари низомда мижозга битим ҳақида хабар бериш муддати ва усули кўрсатилмаган эди.