Ўзбекистонда бизнес камроқ текширувдан ўтказилади, текширув муддати эса қисқа бўлади

Дата: 13:09, 18-01-2016.

Тошкент. 18 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда бизнес камроқ текширувдан ўтказилади, текширув муддати эса қисқа бўлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Энди микрофирмалар, кичик корхона ва фермер хўжаликлари фаолияти тўрт йилда бир марта, бошқа хўжалик субъектлари фаолияти эса уч йилда бир марта режали тартибда текширилади ва бундай текширувлар фақат Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши қарорига асосан амалга оширилади”, - дейилади Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида.

Молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувларни амалга ошириш муддати 30 календарь кунидан 10 календарь кунига қадар қисқартирилгани, бу нормалар хусусий банк ва молия институтларига ҳам тегишлилиги таъкидланади.

Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари томонидан корхоналарнинг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш ва тафтиш ўтказиш, давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузиш, хўжалик субъектлари фаолиятини ва уларнинг банк ҳисоб рақамлари бўйича операцияларини ноқонуний тўхтатиш, уларнинг ҳисоб рақамларида маблағ борлиги тўғрисидаги маълумотни асоссиз талаб қилиш, тадбиркорларни маблағ ажратиш билан боғлиқ хайрия ишлари ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб қилиш ҳолатлари учун маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилди.

И.Каримовнин таъкидлашига кўра, “Шу билан бирга, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш идораларининг ноқонуний қарорлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан қилинган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик оқибатида тадбиркорлик субъектига етказилган зарарни, жумладан, бой берилган даромадни тўлиқ ҳажмда қоплаш механизми қонуний асосда жорий этилди”.

Шу билан бирга, “Назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органларининг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти эркинлигини ҳимоя қилишга оид қонунчиликни бир неча марта бузган тақдирда, уларга нисбатан жиноий жавобгарлик чоралари қўлланади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига бу борада тегишли нормалар киритилди”.

Янгилик билан ўртоқлашиш: