Ўзбекистонда бизнесга ўқитиш маркази ташкил этилмоқда

Дата: 15:17, 26-05-2017.

Тошкент. 26 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушба марказ Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ташкил этилмоқда.

Давлат рақобат қўмитаси маълумотларига кўра, марказнинг асосий вазифаси –хусусийлаштирилган корхоналар негизида лойиҳаларни амалга ошираётган тадбиркорлар учун ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда илғор ички ва халқаро дастурлар асосида хусусийлаштирилган корхоналарда фаолият олиб бораётган тадбиркорларни, хусусийлаштирилган корхоналар раҳбарлари ва ишлаб чиқариш-техник ходимларни малакасини мунтазам равишда ошириб боришдир.

Шунингдек, тингловчилар бизнесни юритиш ва бизнес-режаларни ишлаб чиқиш асослари, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги қонунчилик, менежмент, молиявий бошқарув ва бошқа йўналишларда ўқитилади.

Бундан ташқари, тадбиркорларга инвестиция ва ишлаб чиқариш жараёнларини ўзлаштириш, бизнес юритиш билан боғлиқ маълумотларни олишда кўмак бериш ҳам кўзда тутилган.

Марказ таъсисчиси –Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасидир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: