Ўзбекистонда бизнесга солиқ юки, жисмоний шахсларни солиққа тортиш ҳажмлари кескин камайтирилди ва инфляция паст бўлиши ваъда қилинмоқда

Дата: 16:43, 07-01-2015.

Тошкент. 7 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда бизнесга солиқ юки, жисмоний шахсларни солиққа тортиш ҳажмлари кескин камайтирилди ва инфляция паст бўлиши ваъда қилинмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Айнан шу омилларни Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов  ўзининг Янги йил табригида қайд этиб ўтди.

Хусусан, янги йилда кичик бизнес ва фермер хўжаликлари учун янги йилда ягона социал тўловлар ставкаси 25%дан 15%га туширилади. “Шу тариқа 440 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ уларнинг ихтиёрида қолдирилади”, - деб таъкидлади Каримов.

Бундан ташқари, 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб жисмоний шахсларнинг бир минимал ойлик ҳажмидаги маошидан солиқ олинмайди. “Барча ишчиларга тегишли бўлган бу янгилик авваламбор бошқаларга нисбатан ойлиги энг кам бўлган фуқароларга кўпроқ наф беришини алоҳида қайд этиш лозим. Айни шу тадбирлар ҳисобидан меҳнаткашларимиз камида 120 миллиард сўм наф кўради”, - деб сўзини давом эттирди давлат раҳбари. Янги йилда бериладиган бундай имтиёзларнинг рўйхатини яна давом эттириш мумкин.

Шу билан бирга, Каримовнинг фикрига кўра, инфляция даражаси, яъни нарх-навонинг ўсиши тахминан 5,5-6,5 % ташкил этиши кутилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: