Ўзбекистонда болалар адабиёти учун энг яхши адабий персонаж танлаб олинади
Тошкент. 28 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги электрон ва босма ўқув материаллари учун оригинал персонажлар яратиш бўйича танлов эълон қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
МТВ маълум қилишларича, аризалар 26-январидан 15-февралига қадар қабул қилинади. Яратилган тасвирлардан болалар адабиёти ҳамда МТВнинг мультимедиа маҳсулотларида фойдаланилиши мумкин.
Танлов доирасида иштирокчилар (ёки иштирокчилар жамоаси) ўзбек ҳалқи маданияти, анъаналари ва ўзига хослиги билан рамзий боғлиқ бўлган болалар персонажлари/персонажлар гуруҳини (одамлар, ҳайвонлар, тўқима қаҳрамонлар, жонсиз предметлар) яратишлари лозим.
Мактабгача таълим вазирлиги Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилаётган танлов икки босқичда бўлиб ўтади: биринчи босқичда ҳалқ томонидан овоз бериш асосида 10 та энг яхши иш танлаб олинади, иккинчи босқичда эса комиссия битта ғолиб ва иккита совриндорни танлаб олади. Бош соврин – 10 млн сўм.
Очиқ овоз бериш www.tanlov.mdo.uz сайтида 16-20 феврал орасида бўлиб ўтади. Ўзбекистонликлар финал босқичга ўтувчи 10 та энг яхши ишни танлаб берадилар. Ташкилотчилар энг яхши ўнликка кирмаган бештагача ишни финалга ўтказиш ҳуқуқига эга.
Якуний босқич очиқ муҳокама шаклида ўтказилади. Комиссия учта энг яхши ишни, 14 ҳудуддаги МТМ болалари эса “Болалар меҳрини қозонган иш” бўйича ғолибларни танлаб оладилар.
Бош совриндан ташқари, иккинчи (6 млн сўм) ва учинчи (4 млн сўм) ўрин эгалари ҳам рағбатлантирилади.
Сурат манбаи: http://www.forbes.ru