Ўзбекистонда болалар боғчалари ходимларининг ойлик маошлари 30% оширилади
Тошкент. 1 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда болалар боғчалари ходимларининг ойлик маошлари 30% оширилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу Ўзбекистон Пезиденти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 февралдаги “Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган.
Ҳужжатга мувофиқ, бу иш икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда 1 мартдан бошлаб мудирлар, тарбиячилар, методистлар, ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар, мусиқа раҳбарлари ва тарбиячининг ёрдамчилари ойликлари 30%га оширилади.
Иккинчи босқичда 1 сентябрдан бошлаб тайёргарлик (5 ёшдан 6−7 ёшгача) гуруҳи тарбиячилари, олий маълумотли ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар меҳнатида ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини, уларнинг базавий тариф ставкалари миқдорларини умумтаълим мактаблари бошланғич синфлари ўқитувчиларининг базавий тариф ставкалари миқдорларига тенглаштирган ҳолда 30%га, олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар педагогик маълумотли тарбиячининг ўринбосарлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини 20%га, мактабгача таълим муассасалари мудирлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкаларини 10%га оширилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг қатор туманларида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларида болалар сақлангани учун амалдаги ота-оналар тўлови миқдори 2023 йил 1 январгача икки баравар пасайтирилади.
Сурат манбаи: http://uz24.uz/economics/plata-za-detskiy-sad-uvelichilasy