Ўзбекистонда болалар соғломлаштириш лагерлари тоифаланди

Дата: 14:43, 21-04-2014.

Тошкент. 21 апрель. ЎзТАГ – Ўзбекистонда болалар соғломлаштириш лагерлари тоифаланди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Болалар соғломлаштириш оромгоҳлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қўшма қарори билан амалга оширилди. Илгари лагерлар 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларнинг дам олиши ва соғлигини тиклаши учун ташкил этилган муассасалар ҳисобланар эди.
Низомга мувофиқ, энди улар етти турга ажратилди.
Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳлари фан олимпиадалари, таълим муассасалари бўйича ўтказилган бошқа мусобақалар ғолиблари бўлган 10-14 ёшдаги болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш учун ташкил этилган бўлиб, унда бир ёки бир нечта фанлар ёхуд тиллар чуқурлаштирилган тарзда ўрганилишига эътибор берилади.
Спорт-соғломлаштириш оромгоҳлари 8-18 ёшдаги болалар учун спорт йўналишидаги таълим муассасалари тарбияланувчиларининг ўқув-машқ машғулотларини давом эттиришлари, уларнинг спорт маҳоратини такомиллаштириш, жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш, соғлиғини мустаҳкамлашга йўналтирилади.
Санаторий-соғломлаштириш оромгоҳлари юрак қон-томир тизимининг касалланиши, нафас олиш, овқат ҳазм қилиш органлари, таянч-ҳаракат аппаратининг ўзига хос бўлмаган хусусиятлари билан бетоб бўлиб турадиган 7-14 ёшдаги болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш учун ташкил этилади.
Меҳнат ва дам олдириш оромгоҳлари умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 15-18 ёшдаги ўқувчиларини дам олдириш ва соғломлаштиришни уларнинг ижтимоий фойдали меҳнати билан бирга олиб бориш мақсадида ташкил этилади.
Ҳарбий-спорт оромгоҳлари 12-17 ёшдаги болаларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ёшларни Ватан мудофаасига, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари сафларида хизмат қилишга тайёрлаш мақсадида ёзги таътил мавсумида ички ишлар органларининг профилактик ҳисобида турувчи вояга етмаганлар учун 10 кундан кам бўлмаган муддатга махсус дастур асосида ташкил этилади.
Экологик-биологик, ўлкашунослик оромгоҳларида 7-14 ёшдаги болалар учун сайёҳлик-ўлкашунослик ва экскурсия ишларининг серқирра турлари ташкил этилади, болаларга мамлакатимизнинг табиий, ижтимоий-иқтисодий ва тарихий жиҳатдан ўзига хос жиҳатлари чуқур ўргатилади.
Ихтисослашган болалар оромгоҳлари 7-14 ёшдаги болаларда етакчилик ва фаолликни шакллантириш, уларнинг ижтимоий мослашув кўникмаларини оширишга йўналтирилади. Ихтисослашган болалар оромгоҳларида тарбиячи сифатида «Меҳрибонлик» уйларининг хизматчилари, тўгарак раҳбарлари сифатида эса «Баркамол авлод» болалар марказларининг педагог ходимлари жалб этилади.
Бундан ташқари, болаларнинг лагерда бўлиш муддати ҳам сақлаб қолинди: у ёзда камида 10 кун, куз ва қиш мавсумида камида 7 кундан иборат бўлиши керак.

Янгилик билан ўртоқлашиш: