Ўзбекистонда болалар учун Интернетга хавфсиз уланиш бўйича махсус тарифлар жорий этилмоқда

Дата: 17:31, 31-03-2017.

Тошкент. 31 март. ЎзТАГ – “Ўзбектелеком” энг йирик телекоммуникация оператори оммавий фойдаланиш учун фойдали контентга хавфсиз уланиш бўйича махсус тарифлар сериясини жорий этмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Мазкур хизмат ва тарифларни ишлаб чиқишда бир неча йилдан бошлаб таълим муассасалари, ахборот-кутубхона марказлари, илмий, маданий-маърифий марказлар, яъни юридик муассасалар имтиёзли равишда уланиб келган ZiyoNET имтиёзли тарифи тажрибасидан фойдаланилди.

“Мазкур тариф режалари доирасида фойдаланувчи ZiyoNET тармоғидаги Ягона ахборот ресурслари рўйхатига кирган сайтлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Мазкур рўйхатдан илмий-таълимий, маънавий-маърифий ва бошқа миллий ва халқаро Интернет саҳифалари ўрин олган. Ушбу тариф режаларини ишлаб чиқишда унинг нафақат ёшлар учун фойдали, шунингдек, кўрсатиладиган хизматларнинг ҳаммабоп – қулай нархда бўлишига ҳам алоҳида урғу қаратилган”, - деб таъкидлашди оператор матбуот хизматида.

ZiyoNET тариф режасига уланишда Ягона ахборот ресурслари рўйхатига киритилган халқаро ва TAS-IX ҳудудида фаолият кўрсатувчи сайтлардан фойдаланиш мумкин бўлади. Тармоқда TAS-IX ҳудудидаги сайтлардан фойдаланиш трафиги чегараланмаган. 

Ҳозирги пайтда ZiyoNET тариф режаси доирасида ишлаб чиқилган Ягона ахборот ресурслари рўйхатига таълим, маданият, спорт, бизнес, тиббиёт йўналишларидаги 3 мингдан зиёд миллий ва халқаро сайтлар киритилган. Ушбу рўйхат доимий равишда фойдаланувчилар таклифлари асосида янгиланмоқда. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: