Ўзбекистонда болаларни тиббий реабилитация қилиш республика маркази ташкил этилди

Дата: 10:50, 12-11-2019.

Тошкент. 12 ноябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Болаларни тиббий реабилитация қилиш республика маркази ташкил этилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Президентнинг "Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладор аёллар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва қамровини янада кенгайтириш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Республика ихтисослаштирилган болалар хирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика болалар тиббий реабилитация маркази ташкил этилди", - дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда болалар анестезиологияси, реанимация ва интенсив терапия бўлими қошидаги ёрдамчи репродуктив технологиялар маркази, шунингдек, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида кечаю кундуз шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича навбатчилик врачлик постлари ташкил этилди.

Бундан ташқари, мазкур марказлар ва бўлимларнинг асосий вазифалари белгиланди – реабилитация марказининг асосий вазифаларидан бири 18 ёшгача бўлган бемор болаларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, уларнинг саломатлигини тиклаш, ногиронликнинг олдини олиш орқали даволашдир.

Сурат манбаи: divany.hu

Янгилик билан ўртоқлашиш: