Ўзбекистонда болаларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди
Тошкент. 1 август. ЎзТАГ – 31 июл куни Олий Мажлиси депутатлари “Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Қуйи палата матбуот хизмати маълумотига кўра, қонун лойиҳасини муҳокама қилиш пайтида уни тайёрлаш болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни таъминловчи ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитларни яратиш зарурлиги билан боғлиқ эканлиги таъкидланди.
Асосий мақсад – болаларни бузғунчи, уларнинг руҳиятига зарар етказувчи таъсирлардан ҳимоя қилиш, шунингдек, уларнинг саломатлигига зиён етказувчи ахборот тарқатилишининг олдини олиш, чеклаш ва тақиқлашдан иборат.
Ушбу қонун қабул қилингач, депутатлар таъкидлаб ўтганларидек, унинг қоидаларини амалга ошириш мамлакатимиз раҳбарининг доимий эътибори остида амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланади.


