Ўзбекистонда божхона томонидан мусодара қилинган қадимги буюмлар кўргазмаси бўлиб ўтмоқда
Тошкент. 28 февраль. ЎзТАГ – Нукусдаги И. Савицкий номидаги Санъат музейида “XX аср ўрталари турмуш буюмлари” номли кўргазма бўлиб ўтмоқда. Унда божхона органлари томонидан қайтариб олинган осори атиқалар намойиш этилмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Кўргазмадан ушбу ва қўшни ҳудудларда яшаётган халқларнинг ўзига хослигини намойиш этувчи кўплаб кундалик турмуш буюмлари ўрин олган. Хусусан, экспозицияда ошхона идишлари, чой тўпламлари, лампалар, турли шамдонлар ва бошқа шунга ўхшаш буюмлар билан танишиш мумкин. Шунингдек, бу ерда тарихий, музей ва коллекцион қийматга эга бўлган ноёб самоварларнинг ажойиб коллекциясини кўриш мумкин”, дея қайд этди Давлат божхона қўмитасидаги (ДБҚ) манба.
Кейинги йилларда ДБҚ Қорақалпоғистонда маданий-тарихий қийматга эга бўлган 1,265 предметни ушлаб қолди. Улар орасида республика ҳудудидан олиб чиқиш мумкин бўлмаган аёлларнинг турли хилдаги тақинчоқлари, турмуш буюмлари, лотерея билетлари, облигациялар, марка, орденлар, тангалар ва пул купюралари намуналари мавжуд.
Божхона органлари ходимлари уларни тегишли тартибда расмийлаштирганликларидан кейин вақтинчалик сақлаш учун И. Савицкий номидаги Санъат музейига йўллайдилар.
Суд қароридан кейин янги олиб келинган буюмлар таърифланади, тоифалаштирилади ва музейнинг асосий фондига ўтказилади.