Ўзбекистонда «Bukhara City» бизнес ва тураржой маркази қурилади

Дата: 17:31, 09-07-2019.

Тошкент. 9 июль. ЎзТАГ – Ўзбекистонда «Bukhara City» бизнес ва тураржой маркази қурилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Бухоро шаҳрида замонавий бизнес ва тураржой маркази «Bukhara City» қуриш учун ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги ҳукумат қарори (№ 565, 08.07.2019) қабул қилинди”, - дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, Бухоро шаҳрининг айрим ҳудудларида самарасиз фойдаланилаётган объектлар, бинолар ва иншоотлар билан банд бўлган 83 гектар майдонда «Bukhara City» замонавий бизнес ва тураржой маркази барпо этилади.

«Bukhara City» ҳудудида объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш бошқармаси ташкил этилди.

Шунингдек, мазкур мажмуани қуриш жараёнида зарур тадбирларни ташкил этиш ва инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқиш бўйича вилоят кенгаши таркиби тасдиқланди.

Бундан ташқари, мажмуа ҳудудида кино, театр, кутубхона, банк, офис, тураржой бинолари ва бошқа замонавий объектларда халқаро конференция ва форумлар ўтказиш учун "Экспоцентр"ни жойлаштиришга устувор аҳамият берилади.

Сурат манбаи: bigasia.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: