Ўзбекистонда “Бухоро-Агро” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилади

Дата: 17:14, 11-07-2018.

Тошкент. 11 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятида “Бухоро-Агро” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 10 июлдаги “Бухоро-Агро” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган.

Янги ЭИЗ замонавий технологиялар асросида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва уларни қайта ишлашга ихтисослашади.

Ҳужжатга мувофиқ, ЭИЗда замонавий иссиқхона хўжаликларини, жумладан, гидропоника технологияларини қўллаган ҳолда, кластер усули асосида ташкил этиш учун тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар жалб этилади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида замонавий энергия тежовчи иссиқхоналар қуриш учун конструкциялар, жиҳозлар ва бошқа бутловчи буюмлар ишлаб чиқариш ташкил этилади.

ЭИЗда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш, қайта ишлашни чуқурлаштириш ва уларни экспорт қилиш бўйича қувватлар яратилади. Бундан ташқари, ЭИЗда замонавий логистика инфраструктураси, уруғ ва кўчатлар етиштириш йўлга қўйилади.

“Бухоро-агро” ЭИЗнинг фаолият кўрсатиш муддати у ташкил этилган кундан бошлаб, мазкур муддатни кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил қилади.

“Бухоро-агро” ЭИЗ ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳаларни молиялаштириш хорижий инвестициялар, донор мамлакатларнинг, халқаро молия институтларининг кредитлари ва грантлари ва бошқа манбалар маблағларини жалб этиш орқали амалга оширилади.

“Бухоро-агро” ЭИЗ ҳудуди 3000 гектарни ташкил этиб, Бухоро вилоятининг 9 туманини қамраб олади.

 

Сурат манбаи: http://darakchi.uz/ru/53881

Янгилик билан ўртоқлашиш: