Ўзбекистонда бутун дунёга таниқли ислом олими шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф оламдан ўтди

Дата: 13:57, 11-03-2015.

Тошкент. 11 март. ЎзТАГ – Кеча тунда Ўзбекистонда бутун дунёга таниқли ислом олими шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф оламдан ўтди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунга доир илк хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Кейинчалик юқоридаги қайғули хабар унинг сайтида ҳам эълон қилинди. Хабарларга кўра, шайх 10 март кечқурун соат 20.00 атрофида Тошкент Ислом университетининг спорт залида спорт машғулоти пайти юрак ҳуружидан вафот этган.

“Жаноза номози 2015 йил 15 март куни Тошкентдаги Шайх Зайниддин жомеъ масжидида пешин номозидан кейин ўқилади”, - дейилади маълумотда.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1952 йил 15 апрелда Андижон вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатиб, Бухородаги “Мир-Араб” мадрасасида ўқиган. Кейинчалик ўқишни Имом Бухорий номидаги Тошкент Олий ислом институтида давом эттирган ва уни 1975 йилда аъло баҳоларга битирган. Шундан кейин “Совет шарқи мусулмонлари” журналида ишлаган. Кейинчалик Триполидаги (Ливия) “Даъва Исламия” университетига ўқишга кириб, уни 1980 йилда аълога тугаллаган.

Ватанига қайтгач у Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг ташқи алоқалар бўлимида ишлай бошлаган, Олий ислом институтида дарс берган.

1989 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг умумий йиғилишида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний бошқармаси раиси ва муфтий этиб сайланган. Ўша йилнинг ўзида шайх ССРИ халқ депутати этиб сайланган.

Кейинги йилларда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бутун кучини жаҳон мусулмонларининг илмий ва диний маданиятини оширишга бағишлади. У доимий равишда бутун дунё бўйлаб илмий конференциялар, семинарлар, йиғилиш ва учрашувларда қатнашар эди. Шунингдек, шайх ҳазратлари кўплаб мусулмон ташкилотларининг аъзоси эди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Миср Араб Республикаси, Ливия Жумҳурияти, Россия Федерацияси ва бошқа қатор мамлакатларнинг орден ва медаллари билан тақдирланган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг илмий мероси ислом мавзусидаги кўплаб китоблар, тадқиқотлар ва мақолалардан иборат.

Янгилик билан ўртоқлашиш: