Ўзбекистонда Буюк Британиянинг янги элчиси иш бошлади
Тошкент. 28 октябр. ЎзТАГ – Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси Кристофер Аллан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловга ишонч ёрлиқлари нусхасини топширди ва ишга киришди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) республика ТИВ матбуот хизматига асосланган ҳолда.
“2015 йилнинг 27 октябрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Кристофер Алланни қабул қилди”, - дейилади ташқи сиёсий муассаса хабарида.
ТИВ маълумотига кўра, бўлиб ўтган суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
“Томонлар кўп қиррали ўзбек-британ ҳамкорлиги ижобий суръатларда мустаҳкамланаётганлиги мамнуният билан қайд этдилар ҳамда савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги таъкидладилар”, дейилади ТИВ хабарида. - Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон - Британия кенгашининг ҳамраиси Барбара Ҳей бошчилигидаги Буюк Британия бизнес соҳа вакилларидан иборат нуфузли делегациянинг 5-6-ноябр кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро инвестиция форумида иштирок этаётгани ҳам буни яққол тасдиқлайди”.
Шунингдек, учрашувда айрим халқаро ва минтақавий масалалар ҳам муҳокама қилинди.