Ўзбекистонда буюмларни лазер ёрдамида қиздириб тайёрлаш учун қурилма яратилди

Дата: 14:26, 18-07-2017.

Тошкент. 18 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистонда буюмларни лазер ёрдамида қиздириб тайёрлаш учун қурилма яратилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент Давлат Техника Университети ходимлари томонидан машиналар деталларининг турли ҳажмий моделларини сифатни назорат қилган ҳолда лазер ёрдамида қиздириб юқори аниқликдаги ўлчамларда бириктириш учун қурилма яратилди”, - деб хабар қилади Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги матбуотт хизмати хабарида.

Қурилма таркибига базавий юзага эга бўлган станина, буюмни қаватма-қават шакллантириш учун таглик, лазер нурини буюм шакллантириладиган техник зонада фокуслаш имконини берадиган қилиб станина тепасида жойлаштирилган лазер узели, лазер узелининг ҳаракатини бошқариш блоки киради.

“Кукунсимон материални узатиш ва зичлаш воситаси туби йўқ бункер кўринишида бажарилган ҳамда станинанинг базавий юзасида горизонтал қайтма-илгарилама ҳаракатланиш ва буюмнинг функсионал қатламини шакллантириш имконияти билан ўрнатилган”, - дейилади хабарда.

Фойдали модель муаллифлари ихтирога тегишли патент олдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: