Ўзбекистонда бюджет ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар ўртача 7% оширилди

Дата: 10:49, 03-07-2018.

Тошкент. 3 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистонда бюджет ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар ўртача 7% оширилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Республика аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини янада муттасил ошириб бориш, фуқароларга ижтимоий мададни кучайтириш мақсадида:

1. 2018 йилнинг 15 июлидан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 1,07 баравар оширилсин.

2. 2018 йилнинг 15 июлидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам: иш ҳақи – ойига 184 300 сўм; ёшга доир пенсиялар – ойига 360 460 сўм; болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа – ойига 360 460 сўм; зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 221 190 сўм миқдорида белгилансин”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги фармонида.

Шундан келиб чиқиб, “иш ҳақи ҳамда пенсияларга қўшилган устама ва қўшимча ҳақларнинг барча турлари, энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган компенсация ва бошқа тўловлар 2018 йилнинг 15 июлидан бошлаб мазкур Фармонда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади”.

Сурат манбаи: http://www.fergananews.com/news/27581

Янгилик билан ўртоқлашиш: