Ўзбекистонда Changan электромобилларини ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда
Тошкент. 11 июн. ЎзТАГ – Хитойнинг Changan Automobile ширкати Ўзбекистонда электромобиллар ишлаб чиқаришни режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Хусусан, бу ҳақида Инновацион ривожланиш вазирлигида Changan Automobile Group компанияси вакиллари иштирокидаги учрашувда сўз бориб, унда Ўзбекистон ҳудудида электр тортиш қуввати билан ишлайдиган автомобиллар ишлаб чиқариш имкониятлари муҳокама этилди.
Changan вакиллари Фарғона водийсида жойлашиши мумкин бўлган электромобиллар йиғиш цехини қуриш ниятлари борлигини маълум қилдилар. Ўз навбатида, Инновация вазири ўринбосари Отабек Назиров мазкур лойиҳани амалга оширилишини жадаллаштириш учун бор имкониятларни ишга солишга, Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари ва давлат органлари билан мулоқотга амалий ёрдам бериб, қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.
Аниқлаштирилишича, лойиҳа муваффақиятли ишга тушган тақдирда,биринчи босқичда $15-20 млн миқдорида инвестиция киритиш, 100–150 та иш ўринлари ташкил қилиш, бир йилда мингта йирик узелли электромобиллар йиғиш мумкин бўлади. Иккинчи босқичда эса республикадаги мавжуд корхоналарнинг қувватини жалб этган ҳолда ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилади ҳамда тўғридан-тўғри ва қўшимча иш ўринлари сони ошишига эришилади.
Лойиҳа ташаббускорларининг режаларига кўра, 2025 йилга келиб 21 моделдаги фақат электр қуввати билан ишлайдиган янги электромобиллар ва 12 та гибрид моделлар ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамизки, Changan Automobile Group Co Ltd Хитой автомобиль компанияларининг энг кўп автомобил ишлаб чиқарувчи “катта тўртлиги”га киради. Changanнинг бош идораси Чунцин шаҳрида жойлашган.
Сурат манбаи: http://www.sohu.com/a/232523395_118007