Ўзбекистонда чарм-пойабзал тармоғи рағбатлантирилади

Дата: 15:42, 08-05-2018.

Тошкент. 8 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда чарм-пойабзал ва мўйначилик тармоғи рағбатлантирилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 3 майдаги қарори билан кўзда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ, “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси унинг таркибига чарм, мўйна хом-ашёси ва жун тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлаш, чорва молларини автоматлаштирилган ҳолда сўйиш, жун, қоракўл ва сунъий чармдан буюмлар, чарм-атторлик маҳсулотлари, пойабзал ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ташкилотлар, шунингдек, бошқа ташкилотлар ихтиёрий равишда кирган ҳолда “Ўзчармсаноат” уюшмаси (кейинги ўринларда Уюшма деб юритилади) этиб қайта ташкил этилди.

Бундан ташқари, мамлакатда “Ўзчармсаноат” уюшмаси қошида Чарм-пойабзал тармоғини қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилмоқда.

Тармоқни рағбатлантириш мақсадида Уюшма аъзолари – ташкилотларга 2023 йил 1 январга қадар муддатда фойда солиғи ва мол-мулк солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этиш, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича импорт қилинадиган, Уюшма аъзолари – ташкилотлар томонидан ўз ишлаб чиқаришида фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, республикада ишлаб чиқарилмайдиган хом-ашё, материаллар ва фурнитура учун божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этиш каби солиқ ва божхона имтиёзлари ҳам берилади. Бошқа енгилликлар ҳам кўзда тутилмоқда.

Тармоқ маҳсулотларини экспорт қилиш билан “Ўзчармимпэкс” унитар корхонаси шуғулланади.

Сурат манбаи: http://style.rbc.ru/impressions/571638069a79472acdb3462f

Янгилик билан ўртоқлашиш: