Ўзбекистонда чегарачиларга кўмак отрядлари ташкил этилиб, улар радиоалоқа ва кузатув ускуналари билан таъминланади

Дата: 12:49, 06-10-2014.

Тошкент. 6 октябр. ЎзТАГ - Ўзбекистонда чегарачиларга кўмак бериш бўйича “Чегара посбонлари” отрядлари ташкил этилиб, радиоалоқа ва кузатув ускуналари билан таъминланади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2014 йил 30 сентябрда тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Миллий ҳавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига кўмак бериш бўйича “Чегара посбонлари” отрядлари ташкил этиш ҳақидаги низомда кўзда тутилган.

Низомда айтилишича, кўмак отрядлари командирлари ва аъзоларига чегара тумани бошлиғининг рухсати билан чегара постлари бошлиқлари томонидан давлат чегарасини қўриқлаш тадбирларини ўтказиш даврида радиоалоқа ва кузатув ускуналари берилиши мумкин.

Шу билан бирга, хизматда жонбозлик кўрсатган кўмак отрядлари аъзоларига миннатдорчилик билдирилиши (иш жойига хабар қилган ҳолда), улар фахрий грамота ёки қимматли совғалар ҳамда пул мукофотлари билан рағбатлантирилиши мумкин.

Бундан ташқари, энг жонбозлик кўрсатган кўмак отрядлари командирлари ва аъзолари Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотларига ҳам тақдим этилиши ҳам кўзда тутилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: