Ўзбекистонда “Чикками-пукка. Шопинг” кўрсатуви суратга олинмоқда

Дата: 10:53, 03-06-2015.

Тошкент. 3 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда “Чикками-пукка. Шопинг” кўрсатуви суратга олинмоқда. Ушбу теледастурдан Ўзбекистонда қандай қизиқарли ва ғаройиб нарсаларни сотиб олиш мумкинлиги ҳақида билим олиш мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга кўра, шоу бошловчилари Антон Лаврентьев ва Мария Иваковалар бу сафар Самарқандга шопингга йўл олганлар. Илк суратларни Instagramга жойлаштирган Мария “Ўзбекистон жуда-жуда ёқди. Бу ерда ҳамма нарса бунчалик ажойиб, ширин ва чиройли бўлишини кутмаган эдим”, - деб ёзди.

Бундан ташқари, кўрсатувнинг Facebookдаги расмий саҳифасида Ўзбекистондан совға таклифи ҳам қўйилди. Унда “Дўстлар, биз Ўзбекистондан совға олиб келишга тайёрмиз! Унга тезда буюртма беринг, тез орада уни олишга борамиз”, - дейилади.

Бошловчилар суратга олиш тафсилотлари ва ўз маршрутларини очиқламадилар.

«Экономическое обозрение» журнали маълумотларига кўра, кўрсатув премьераси 2015 йил 10 июлда бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамизки, “Чикками-пукка. Шопинг” кўрсатуви саёҳатлар ва шопинг ҳақидаги телекўрсатув. Дастур қоидаларига кўра, дам олиш кунлари икки бошловчи дунёнинг турли шаҳарларига йўл олади. Улардан бирига $100, бошқасига эса чекланмаган маблағ бўлган олтин карта насиб қилади. Унинг кимга тегишини эса қуръа – осмонга отиладиган тангача ҳал қилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: