Ўзбекистонда Чирчиқ дарёси қирғоқларини сув босишига тайёргарлик кўрилмоқда

Дата: 15:04, 08-06-2017.

Тошкент. 8 июн. ЎзТАГ – Яқин орада Ўзбекистонда Чирчиқ дарёсида сув сатҳининг кескин ўсиши, қирғоқларнинг ювилиши ва яқин атрофдаги ҳудудларни сув босишига тайёргарлик кўрилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) республика ФВВга асосланган ҳолда.

“Ўзгидромет маълумотларига кўра, об-ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши натижасида Тошкент вилоятининг юқори тоғли ҳудудларидаги мавжуд қор қатламларининг жадал эриши кузатилмоқда. Ҳозирги пайтда мутахассислар Чирчиқ дарёсининг жами 11 та участкада: Юқоричирчиқ туманида – 4 та, Қибрайда – 2 та, Қуйичирчиқда – 3 та ва Янгийўлда – 2 та қирғоқларнинг емириш ҳолатлари ҳамда сув босиш хавфи юқорилигини аниқладилар. Мазкур ҳудудда жами 254 та хўжалик (1615 нафар фуқаро), 23 та дала ҳовли ва 80 га экин ер майдонлари мавжуд”, - деб таъкидланади хабарда.

Эҳтимолий фавқулодда вазиятлардан огоҳлантириш учун Ўзбекистон Бош вазири — Фуқаро муҳофазаси бошлиғининг Чирчиқ дарёсининг ўзанида ва қирғоқларида кечиктириб бўлмайдиган муҳандислик-техник ва бошқа ҳимоя ишларни ташкил этиш тўғрисидаги буйруғи чиқарилди. Унга мувофиқ, ФВВ, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзгидромет, Давлат санитария ва эпидемиология назорати маркази, Эргеодезкадастр давлат қўмитаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги масъул ходимларидан иборат олти гуруҳ ташкил этилган.

Тошкент вилояти ҳокимлигида ФВВ, Тошкент вилояти ИИББ масъул ходимлари, тегишли вазирлик ва идора вакилларидан иборат тезкор штаб ташкил этилган. Дарёда қирғоқларни мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда. Чирчиқ дарёси қирғоқларида 7 июнь ҳолатига кўра жами бўлиб, 3230 метр куб ҳарсанг тош, 480 метр куб бетон, 1760 метр куб тош-шағал ишлари бажарилди. Бу ишларга 572 инженерлик техникаси жалб этилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: