Ўзбекистонда дафн этиш учун нафақа давлат бюджетидан ажратилади

Дата: 16:32, 15-11-2019.

Тошкент. 15 ноябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда дафн этиш учун нафақа давлат бюджетидан ажратилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун билан 10 дан ортиқ қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритилди. "Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида"ги қонунга киритилган ўзгартишларга кўра, марҳумни дафн этиш учун нафақа энди давлат бюджети ҳисобидан берилади", – дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, илгари ушбу нафақа Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ҳисобидан берилди.

Шунингдек, лицензиялар талаб этиладиган фаолият турлари рўйхати 2 турдаги фаолият билан тўлдирилди: тўлов тизимлари оператори фаолияти ва тўлов ташкилотлари фаолияти.

"Чиқиндилар тўғрисида"ги қонун утилизация йиғилишини назарда тутувчи модда билан тўлдирилади. Бунга кўра, экологик хавфсизликни таъминлаш, фуқаролар ва атроф-муҳит саломатлигини транспорт воситалари томонидан ҳосил бўлган чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида утилизация йиғими тўланади.

Бундан ташқари, тўлов тизимлари оператори фаолиятини лицензиялаш ва тўлов тизимлари фаолиятига тааллуқли қонуннинг бир қисми "тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида"ги қонун кучга кирган кундан эътиборан кучга киради.

Утилизация йиғилишини назарда тутувчи қонун меъёрлари ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида кучга киритилади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

 

Сурат манбаи: unimedia.info

Янгилик билан ўртоқлашиш: