Ўзбекистонда давлат аҳамиятидаги йўллар цементбетон қопламага ўтказилади

Дата: 13:53, 03-10-2019.

Тошкент. 3 октябрь. ЎзТАГ – 2 октябрь куни йўл хўжалигини ривожлантириш ва соҳага инвестицияларни кенг жалб этиш масалалари бўйича йиғилишда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев давлат аҳамиятидаги йўлларни цементбетон қопламага ўтказиш бўйича топшириқ берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат раҳбарининг матбуот хизмати маълумотларига кўра, йиғилишда халқаро ташкилотлар, хусусий шериклар, мамлакатимиз ҳудудлари ва инвесторларни давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳаларига автомобил йўлларини қуриш ва таъмирлашга фаол жалб этиш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, бундай шериклик асосида 1,6 минг километр халқаро ва давлат аҳамиятидаги йўлларни қамраб олган 18 лойиҳани амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, германиялик шериклар билан автомобил йўллари қурилиши соҳасида лойиҳа институтини ташкил этиш, мамлакат иқлими ва транспорт ҳаракатининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда йўлларни қуриш соҳасидаги норматив ҳужжатларни тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

"Масалан, мамлакатимизда йўллар қурилишида ҳали ҳам асосан асфальт-бетон қоплама ишлатилади. Бундай йўлларнинг ишлаш муддати 10-15 йил, улар биринчи 4-5 йил фойдаланишдан кейин таъмирланиши керак. Цемент-бетон қопламаси 15-20% га қимматроқ бўлса-да, эксплуатацион муддати 2-3 марта кўп, бундай йўлларни сақлаш харажатлари асфальтга нисбатан уч баробар кам. Цемент ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиб бораётганини инобатга олган ҳолда, қурилаётган давлат аҳамиятидаги ва реконструкция қилинаётган йўлларни цемент-бетон қоплашга босқичма-босқич ўтказиш топширилди", - дейилади хабарда.

Шунингдек, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакилларидан автомобил йўлини тубдан ислоҳ қилиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш ва 2020-2030 йилларда автомобил йўлларини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш зарур.

Яна бир муаммо – автоматлаштирилган йўл мониторинги тизимининг етишмаслиги. Йўлнинг рухсат этилган юк ташиш имкониятидан юқори оғирликдаги юкларни ташийдиган автотранспорт воситаларининг ҳаракати ҳеч ҳам назорат қилинмайди.

Автоматлаштирилган йўл мониторинги тизими мавжуд эмаслиги сабабли барча йўлларнинг электрон базасини шакллантириш, махсус ўлчаш воситаларини ўрнатиш дастурини ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, барча кўприкларни инвентаризация қилиш, уларни таъмирлаш ва тиклаш бўйича манзилли дастурни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: