Ўзбекистонда давлат ҳисобидан тиббий ёрдам рўйхати ишлаб чиқилади

Дата: 10:42, 04-10-2019.

Тошкент. 4 октябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда аҳолига давлат ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиш рўйхати ишлаб чиқилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Ҳукумат қарори билан (832-рақамли, 30.09.2019) давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди", – дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Низомга мувофиқ, рўйхат ҳар йили Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тегишли молиявий ва режали давр учун давлат бюджети параметрлари тасдиқланганидан кейин 15 кундан кечиктирмай ишлаб чиқилади.

"Рўйхат тиббий ёрдамнинг қуйидаги турлари бўйича тузилади: шошилинч, режали (шу жумладан, бирламчи тиббий-санитария), ихтисослаштирилган (юқори технологияли), паллиатив", - дейилади хабарда.

Шунингдек, рўйхатга тиббий хизматларнинг аниқ турлари, жумладан, дори воситалари, сарф қилинадиган материаллар ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш киради.

Рўйхат тиббий хизмат турлари ва ҳажмларини аниқлаш билан тиббиёт ташкилотлари даражасида шакллантирилади.

"Рўйхатга киритилган тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи тиббий кўрсаткичлар мавжуд бўлган тақдирда, республика ҳудудида доимий яшовчи Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, асосланган мурожаатлар юзасидан чет эл фуқаролари ҳам тааллуқли бўлади", - деб хулосаланади хабар.

Сурат манбаи: knews.kg

Янгилик билан ўртоқлашиш: