Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклиги шартларида янги болалар боқчалари очилади

Дата: 17:31, 12-09-2017.

Тошкент. 12 сентябр. ЎзТАГ – 2018 йил 1 январдан Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклиги шартларида янги болалар боқчалари очилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 9 сентябрдаги қарорида кўзда тутилган.

Хусусан, хужжатга мувофиқ, 2018 йил 1 январдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарларида, вилоятлар марказларида эксперимент тариқасида давлат-хусусий шериклик шартларида, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутган ҳолда янги мактабгача таълим муассасалари ташкил этилади.

Айни пайтда, инвесторларга ер участкалари, бўш турган биноларни беғараз ажратилади, зарур бўлганда, имтиёзли кредитларни тақдим этилади. Инвесторлар мактабгача таълим муассасалари хизмати нархининг ижтимоий ҳаммабоплигини таъминлашлари зарур бўлади.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари билан сифат талабларига ва санитария-гигиена нормаларига жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузишга эксперимент тариқасида рухсат берилади.

Ҳозирги вақтда республикада 4893 та давлат мактабгача таълим муассасаси фаолият олиб бораётган бўлиб, уларда 57 мингдан ортиқ мутахассислар меҳнат қилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: