Ўзбекистонда Давлат–хусусий шериклигини ривожлантириш бўйича агентлик ташкил этилади

Дата: 17:32, 02-10-2018.

Тошкент. 2 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Давлат–хусусий шериклигини ривожлантириш бўйича агентлик ташкил этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Савдо саноат палатаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Давлат–хусусий шериклигини ривожлантириш бўйича агентлик ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин” – дейилади Ўзбекистон Президентининг “Давлат–хусусий шериклигини мувофиқлаштириш ва ривожлантиришнинг самарали тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарори лойиҳаси матнида.

Шу билан бирга, агентликнинг асосий вазифалари этиб “манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда иқтисодиётнинг устувор соҳаларида, шу жумладан, ижтимоий соҳада давлат-хусусий ҳамкорлигини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш, давлат-хусусий тармоқ шериклиги учун ҳуқуқий ва институционал базани ривожлантириш, давлат-хусусий шериклиги лойиҳаларини самарадорлиги ва қиёсий устунлигини баҳолаш, юқорида кўрсатилган лойиҳаларни тайёрлаш, амалга ошириш ва тўхтатишнинг услубий асосларини ишлаб чиқиш” кабилар белгиланди. Шунингдек, агентлик вазирликлар ва идораларга давлат-хусусий шериклиги дастурларини амалга оширишда, аниқ лойиҳалар концепцияларини ишлаб чиқишда, шу жумладан, уларни амалга ошириш ва молиялаштириш схемалари механизмлари, инвесторлар, молиялаштирувчи ташкилотлар, халқаро молия ва донор ташкилотлари, илмий ва эксперт ҳамжамияти, бошқа бозор иштирокчилари билан ҳамкорлигини ташкил қилишга кўмаклашади. Бу ҳамкорлик, шу жумладан, давлат-хусусий шериклигининг ҳуқуқий ва институционал асосларини такомиллаштириш, ушбу соҳада тажриба алмашиш масалаларини ҳам ўз ичига олади.

Бундан ташқари, агентликка бундан бошқа муҳимлиги кам бўлмаган вазифалар ҳам юклатилган.

Эслатиб ўтамиз, ҳужжат Қонунчилик ҳужжатларини муҳокама қилиш порталига 2018 йил 28 сентябрда жойлаштирилган бўлиб, унинг муҳокамаси 13 октябргача давом этади.

Сурат манбаи: из https://www.norma.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: