Ўзбекистонда давлат мукофотларига тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доираси кенгайтирилди

Дата: 15:30, 02-04-2018.

Тошкент. 2 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистонда давлат мукофотларига тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доираси кенгайтирилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Янги Қонунга мувофиқ бундан буён мукофотга тақдим этиш ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Судьялар олий кенгаши, Марказий банк, Давлат хавфсизлик хизмати, Ҳисоб палатаси, Марказий сайлов комиссияси раислари, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, бошқа республика муассасаларининг, нодавлат нотижорат ташкилотлари республика органларининг раҳбарлари эга бўладилар.

Янги меъёр янги таҳрирдаги “Давлат мукофотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилди.

Қонунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат мукофотлари билан тақдирлаш ташаббусини мустақил илгари суриш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Президентини давлат мукофотлари билан тақдирлаш Олий Мажлиси палаталари ташаббуси билан амалга оширилади.

Қонунда давлат мукофотларидан фойдаланиш тўғрисидаги норма алоҳида ўрин эгаллайди. Хусусан, уларни тақиб юриш, планкалардаги ленталарни ва кичкина кўчирма нусхаларини тақиб юриш, давлат мукофотларини сақлаш ва улар тасвиридан фойдаланиш тартиби белгиланган. Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонун ҳужжати давлат томонидан рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш, ваколатли органларнинг бу соҳадаги масъулиятини оширишга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Қонунда давлат мукофотларининг турлари белгилаб берилган, “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони, Ўзбекистон Республикасининг 34 та фахрий унвони, 11 та орден, 4 та медаль ва Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғи шулар жумласидан.

Сурат манбаи: https://sovminrk.gov.uz/ru/news/show/10672?mobile=true&mode=special

Янгилик билан ўртоқлашиш: