Ўзбекистонда давлат нотариал идоралари хусусийга айлантирилади

Дата: 16:30, 07-11-2017.

Тошкент. 7 ноябр. ЎзТАГ – 2018 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда давлат нотариал идоралари хусусийга айлантирилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Президентининг Меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилиш тизими порталида эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасида кўзда тутилган.

Қарор лойиҳаси нотариал идораларни молиялаштиришнинг адолатли шароитларини яратиш орқали нотариусларнинг жисмоний ва юридик шахсларга ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатишларига эришишини кўзда тутади.

Шунингдек, нотариал идоралар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникацион технологияларни жорий этиш, электрон ҳужжат алмашиш орқали интерактив давлат хизматларини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Нотариусларнинг жисмоний ва юридик шахслар олдидаги мулкий жавобгарлигини ошириш, мажбурий фуқаролик масъулиятини жорий этиш зарурлиги таъкидланган.

Фаолият юритаётган барча нотариуслар ўз ишини давом эттириши учун ушбу фаолият билан шуғулланиш мақсадида лицензия олишга ариза беришлари зарур бўлади. Улар адлия органларида рўйхатдан ўтказилади. Адлия бошқармалари ҳузуридаги малакали комиссия нотариусларнинг фаолиятини тўхтатиш ёки бекор қилиш билан шуғулланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: