Ўзбекистонда давлат нотариуслари хусусий бўлади

Дата: 16:29, 11-09-2019.

Тошкент. 11 сентябрь. ЎзТАГ - Келгуси йил бошидан Ўзбекистонда давлат нотариуслари аста-секин хусусий бўлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг 2020 йил 1 январдан бошлаб давлат нотариал идораларини нодавлат нотариал идораларга босқичма-босқич қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин", - дейилади Ўзбекистон Республикаси президентининг "Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида.

Давлат нотариал идораларини нодавлат нотариал идораларга қайта ташкил этиш Адлия органларида нодавлат нотариал идораларни рўйхатга олиш, шунингдек, нотариусларга нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияларни уларнинг аризалари асосида бериш йўли билан амалга оширилиши белгиланган.

Бунда давлат нотариал идоралари ўз фаолиятини тегишли нотариал округда қонун ҳужжатларига мувофиқ нодавлат нотариал идораларнинг зарур сонини ташкил этишдан олдин давом эттиради.

Бундан ташқари, нодавлат нотариал идораларнинг нотариусларининг фуқаролик жавобгарлиги жисмоний ва юридик шахсларни касб мажбуриятларини нотариус томонидан бузилганлиги оқибатида етказилган зарарлардан ҳимоя қилиш мақсадида суғурта қилинади, нодавлат нотариал идораларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия бериш Адлия органлари томонидан амалга оширилади.

Сурат манбаи: nuz.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: