Ўзбекистонда давлат реестрларида рўйхатга олинган интеллектуал мулк объектлари сони 17,5% ўсди

Дата: 21:57, 26-01-2016.

Тошкент. 26 январ. ЎзТАГ – 2015 йилда Ўзбекистонда Давлат реестрларида 2651та интеллектуал мулк объектлари рўйхатга олинди, бу эса 2014 йилдаги кўрсаткичдан 17,5% кўпдир, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Интеллектуал мулк агентлигидан маълум қилишларича, 2015 йилда Интеллектуал мулк объектларига 6867 та талабномалар бўйича давлат экспертизаси ўтказилди (+10,7%).

Айни пайтда соҳада жами ишлаб чиқариш ҳажми 13,2%га, кўрсатилган хизматлар ҳажми 8,5%га ўсганлиги таъкидланди.

Интеллектуал мулк объектларини рўйхатга олиш бўйича талабномалар қабул қилиш 11,5%га ўсди, шу жумладан, ихтироларга – 507 та, фойдали моделларга – 190 та, саноат намуналарига - 238 та, товар белгиларига – 5615 та, селекция ютуқларига – 25 та, ЭҲМ учун дастурлар - 521 та, маълумотлар базаси – 115 та талабномалар қабул қилинди.

Контрафакт маҳсулот айланмасига қарши кураш бўйича интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олишда жойларда қонунчилик талабларига риоя қилиниши бўйича аҳоли гавжум жойлар, бозорлар, савдо комплекслари ва шахобчаларда 737 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

2015 йилда 216 802 та аудиовизуал маҳсулотлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурлар бўйича 210 та эксперт хулосалари берилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: